OpenAI 1 млнтагача токен билан ишлай олувчи GPT-4.1 моделини тақдим қилди
Компания таъкидлашича, GPT-4.1 ҳозиргача мавжуд энг кучли модель бўлган GPT-4о’дан барча жиҳатларда устунлик қилади.

OpenAI компанияси ўзининг энг янги сунъий интеллект модели — GPT-4.1’ни тақдим этди. Бу модель аввалги авлод — GPT-4о’дан ҳам самаралироқ бўлиб, код ёзиш, кўрсатмаларга амал қилиш ва катта ҳажмдаги матнлар ёки суҳбатларни тушунишда сезиларли даражада яхшиланган.
Компаниянинг билдиришича, GPT-4.1 айни вақтда мавжуд бўлган энг кучли модель бўлиб, барча асосий жиҳатларда GPT-4о’дан устун туради. Модель ишлаб чиқувчилар учун API платформасида ишга туширилган.
GPT-4.1 моделининг энг катта янгиликларидан бири — 1 миллион токенгача бўлган маълумот ҳажмини қайта ишлай олиши. Бу тахминан 750 мингта сўзга тенг бўлиб, моделни катта ҳажмдаги ҳужжатлар, ҳисоботлар ёки мураккаб код базалари билан ишлаш учун ниҳоятда қулай қилади.
Синов натижаларига кўра, GPT-4.1 код ёзиш вазифаларида GPT-4o’дан 21%, GPT-4.5’дан эса 27% самаралироқ ишлайди. Бундан ташқари, у фойдаланувчи кўрсатмаларига аниқроқ амал қилади ва узоқ контекстли матнлар ёки суҳбатларда изчилликни сақлаб қолишда ҳам устунликка эга.
OpenAI шунингдек, GPT-4.1 моделининг енгилроқ вариантларини — GPT-4.1 MIni ва GPT-4.1 Nano’ни ҳам тақдим этди. Улар тезкорлик ва ресурс тежалишини талаб қиладиган қурилма ва иловалар учун мўлжалланган. Ушбу моделлар камроқ ҳисоблаш қувватига эга тизимларда ҳам самарали ишлайди.
Аввалроқ, OpenAI Ўзбекистонда солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани хабар қилинган эди.