Энг қиммат ва арзон логотиплар
Дунё бўйлаб компаниялар орасида логотип яратиш учун катта маблағ ажратадиганлари кўп топилади. Айрим ҳолатларда бу ўзини оқласа, баъзан деярли пул сарфланмаган логотиплар дунёдаги энг машҳурлар сафидан жой олиши ҳам мумкин.
Логотип нима ва унинг аҳамияти қанчалик муҳим?
Логотип – бу компания ёки ташкилотнинг визуал идентификацияси, яъни унинг юз ифодасидир. Логотип маҳсулот ёки хизматни бир қарашда таниш имконини беради, бренднинг қийматини оширади ва унинг ўзига хослигини кўрсатиб туради. Энг муҳими, яхши логотип компаниянинг миссияси ва қадриятларини ифодалаши керак.
Логотипнинг муваффақияти унинг дизайнига, соддалигига ва қанчалик эсда қолишига боғлиқ. Шу сабабли, катта компаниялар логотип яратишга ёки ребрендингга катта маблағ сарфлашади. Дунёда шундай компаниялар борки, улар ўз логотипларини яратиш учун миллионлаб долларларни сарфлашган.
Тарихдаги энг қиммат логотиплар рўйхати
Symantec – $1,280,000,000
Жуда содда, бироқ ниҳоятда маъноли логотип компанияга катта нархга – $1,280,000,000 тушган. Логотипнинг асосий элементи бўлмиш текширув белгиси операциянинг муваффақиятли якунланганини англатади. Бу эса веб-сайт хавфсизлигини таъминловчи компания фаолиятига айнан мос тушади. Бундан ташқари, доиранинг сариқ ранги ҳимоянинг узлуксизлиги ва барқарорлигини ифодалайди. Ушбу элементларнинг уйғунлиги хавфсизлик, ишонч ва ҳимояланганлик ҳиссини уйғотади.
BP (British Petroleum) – $210,000,000
Бу бренд маркетингда ранглар психологиясидан максимал даражада фойдаланишга қарор қилди. Компаниянинг номи атроф-муҳит ифлосланишига ҳисса қўшишини аниқ кўрсатиб тургани сабабли, улар мижозларини экологик тоза бўлиш учун барча чораларни кўраётганларига ишонтиришга ҳаракат қилишди. Шу тарзда, қуёшдан ўсиб чиқаётган гулга ўхшаш логотип яратилди. Маркетинг хабарининг асл мақсади мижозларни компаниянинг экологик тоза эканлигига ишонтириш эди, бироқ бу режа муваффақиятсизликка учради ва ҳатто кулгига ҳам сабаб бўлди. Кўпчилик фойдаланувчилар нефтдан пул топиб туриб, мижозларга экологик ташаббуслар ҳақида гапиришни ҳақорат деб қабул қилди.
Accenture – $100,000,000
Компания унинг номи, қадриятлари ва юқоридаги математик белгидан иборат логотип учун тўққиз хонали сумма тўлаган. Бунда асосий ғоя компаниянинг доимо келажакка, ўсиш ва ривожланишга интилишини акс эттириш эди. Гарчи логотип кўплар томонидан танқидга учраган бўлса-да, ҳозирги кунда компания бозорда муваффақиятли фаолият юритишда давом этмоқда.
Posten Norge (Норвегия почтаси) – $55,000,000
Норвегиянинг почта компанияси ўз брендини замонавий ребрендинг қилиш учун $55 миллион сарфлаган. Гарчи юқори нарх билан бўлса-да, компания ўз қадриятларини фойдаланувчиларга тўлиқ равишда етказа олди.
Enron — $33,900,000
Энрон – энергия компанияси катта молиявий йўқотишларини яширган ҳолда банкротликка юз тутди. Машҳур график дизайнер Пол Ранд томонидан ишлаб чиқилган ушбу логотип $33,9 миллион қийматга эга эди. “Tilted E” шаклидаги логотип нафис кўринишга эга бўлса-да, компания муваффақиятига ҳисса қўша олмади.
Australia & New Zealand Banking Group (АНЗ) – $15,000,000
Ушбу логотип иккита йирик банкнинг бирлашиши натижасида яратилган бўлиб, уларнинг номларининг дастлабки ҳарфларини бирлаштирган. Дизайнерлар маркетинг психологияси қоидаларига риоя қилиб, оқ ва кўк ранглардан фойдаланилган, бу эса барқарорлик, хавфсизлик ва ишончлиликни ифодалайди. Қизиқарли жиҳати шундаки, PayPal ҳам ўхшаш мақсадлар учун айни шу ранглардан фойдаланади.
BBC — $1,800,000
BBC логотипи – оқ шрифтдаги ҳарфлар ва қора фон дизайни билан танилган мазкур логотипга нашриёт 1,8 миллион доллар сарф қилган. 1971 йилдан 1988 йилгача ишлатилган асл логотип узоқ муддат давомида ўзгартирилмаган эди. Бироқ, 1997 йилда бренд ребрендинги натижасида логотип ҳозирги кўринишга келди.
CitiBank — $1,500,000
Ушбу логотип йигирма йил олдин Pentagram компанияси дизайнери Паула Шер томонидан яратилган. Қизиқарлиси, логотип дастлаб оддий бир салфеткада чизилган эскиз асосида яратилган.
Pepsi — $1,000,000
Pepsi ўзининг энг машҳур логосини яратиш учун 1 млн доллар сарфлаган. Узоқ йиллар давомида бу лого брендинг тимсолида сифатида катта натижаларга эришди. Бироқ 2023 йилда компания яна ребрендингга қўл уриб, кўпроқ классик кўринишга эга бўлган логони яратди.
Лондон–2012 олимпия ўйинлари — $625,000
Олимпиада – бу нафақат кўламли, балки молиявий жиҳатдан катта инвестициялар ва даромадлар келтирувчи тадбирдир. Лондон 2012 Олимпия логотипига $625,000 сарфланган бўлиб, бу Олимпия тарихидаги энг қиммат логотип ҳисобланади. Аммо логотип омма томонидан катта танқидларга учради. Баъзилар уни ҳаддан ташқари содда деб ҳисоблашган бўлса, бошқалар тимсол Лондонга хос тарихий обидалар акс эттирмаганини танқид қилишган.
Юқоридагилардан билишимиз мумкинки, кўп сарфланди дегани бу логотип муваффақиятли бўлади, дегани эмас. Компания ҳажмига нисбатан жуда арзонга тушган логотиплар ҳам мавжуд.
Nike – $35
Nike логотипи дизайнер Cаролйн Давидсон томонидан яратилган ва атиги $35 га тушган. Оддий Swoosh дизайни спорт билан боғлиқ тезлик ва кучни ифодалайди.
Google – $0
Google логотипи компания асосчиларидан бири Сергей Брин ва ички дизайнерлари томонидан ҳеч қандай харажат қилмасдан яратилган. Бу логотип технологик янгилик ва қулайликни акс эттиради.
Coca-Cola – $0
Coca-Cola логотипи компания асосчиси томонидан яратилган ва бу учун қўшимча харажат қилинмаган. Классик шрифт ва қизил ранг брендни машҳурлигига жуда катта ҳисса қўшган.