Навоий конь-металлургия комбинати Лондон фонд биржасида $500 млнлик облигацияларни жойлаштирди
Янги облигациялар бозордаги қулай шароитлардан фойдаланган ҳолда чиқарилган бўлиб, уларнинг муддати беш йилни, йиллик фоиз ставкаси эса 6,75 фоизни ташкил этади.
Маълумот учун, НКМК 2024 йилда юқори молиявий натижаларни қайд этди — компаниянинг соф фойдаси $2,1 млрддан ошди.

Навоий конь-металлургия комбинати (НКМК) Лондон фонд биржасида $500 млнлик янги корпоратив облигацияларни муваффақиятли жойлаштирди.
Дунёнинг тўртинчи йирик олтин ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган НКМК — Ўзбекистоннинг йирик давлат корхоналаридан бири бўлиб, Қизилқум чўлида жойлашган Мурунтов олтин кони негизида фаолият юритади. Ушбу конь минтақадаги 150 миллион унциядан ортиқ олтин захирасига эга.
Янги облигациялар бозордаги қулай шароитлардан фойдаланган ҳолда чиқарилган бўлиб, уларнинг муддати беш йилни, йиллик фоиз ставкаси эса 6,75 фоизни ташкил этади.
Облигациялар АҚШнинг Қийматли қоғозлар тўғрисидаги қонуни доирасидаги Regulation S ва Rule 144А қоидалари асосида чиқарилган. Бу эса халқаро инвесторлар учун кенгроқ кириш имкониятини таъминлади.
Мазкур битимда Citi, JP Morgan, Société Générale ва MUFG банклари асосий ташкилотчилар ва бош координаторлар сифатида иштирок этди. Инвесторлар томонидан билдирилган талаб ҳажми $2,3 млрдга етиб, таклиф этилган миқдордан 4,6 бараварга ошди.
НКМК вакилларининг таъкидлашича, ушбу муваффақият инвесторларнинг Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва компаниянинг барқарор ривожланиш истиқболларига бўлган юқори ишончидан далолат беради.
Облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағлар мавжуд кредит мажбуриятларини қулайроқ шартларда қайта молиялаштириш ҳамда молиявий рискларни диверсификация қилишга йўналтирилади.
НКМК 2024 йилда ўз тарихидаги рекорд даражадаги даромадга эришди — соф фойда $2,1 млрддан ошди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан $659 млнга кўпроқ бўлиб, миллий валютада ифодаланганда 27,7 триллион сўмни ташкил этди.
Маълумот учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида НКМК умумий қиймати $5,2 млрдга тенг бўлган акцияларни бирламчи оммавий таклиф (ИПО) орқали жойлаштириши кутилмоқда. Мазкур жараёнда Rothschild & Co. компанияга IPO бўйича маслаҳатчи сифатида хизмат кўрсатмоқда.