Уй-жой таъмири учун ипотека кредитини олиш тартиби қандай?
Кредит бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун субсидия олиш имконияти ҳам мавжуд.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 октябрь санасидаги 691-сонли қарорига мувофиқ, 1 декабрдан бошлаб уй-жой таъмири учун ипотека кредитлари ажратилиши бошланди.
Ипотека кредити камабағалликни қисқартириш дастурига киритлган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан ажратилади.
Кредит шартлари:
Максимал миқдор: | 120 миллион сўм |
Фоиз ставкаси: | 17,5% |
Муддат: | 20 йил |
Мазкур маблағлар қоида тариқасида Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк ва Бизнесни ривожлантириш банки томонидан ажратилади.
Кредит ажратилиши учун “Маҳалла еттилиги”нинг хулосаси талаб этилади. Мазкур хулосани олиш учун online-mahalla.uz платформасининг “Уй-жой таъмири учун кредитга ариза бериш” бўлими орқали ариза қолдириш зарур. Бунда талабгор уй-жойининг таъмир-талаб эканлигини асослантириб бериши талаб этилади.
Реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз харажатларининг бир қисми қоплаб бериш бўйича субсидия subsidyplatform.mf.uz тўлов платформаси орқали ажратилади.