ОТБ Ўзбекистонда $3,6 млрдлик 23 та янги лойиҳа амалга оширади
2025–2026 йиллар давомида ОТБ Бошқарувчилар кенгаши раислиги Ўзбекистонга ўтиши расман эълон қилинди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев эса кенгаш раиси сифатида тасдиқланди.

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда умумий қиймати 3,6 миллиард долларлик 23 та янги лойиҳани амалга оширади. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
2025 йил 6–7 май кунлари Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 58-йиллик йиғилишида Ўзбекистон Республикаси делегацияси Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлигида иштирок этди.
Ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида, 2025–2026 йиллар давомида ОТБ Бошқарувчилар кенгаши раислиги Ўзбекистонга ўтиши расман эълон қилинди. Жамшид Хўжаев кенгаш раиси сифатида тасдиқланди.
Шунингдек, йиғилиш якунида ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик мажлиси 2026 йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши белгиланди.
Тадбир доирасида 2025–2026 йиллар учун умумий қиймати $3,6 млрдга тенг бўлган 23 та янги лойиҳани амалга ошириш дастури имзоланди.
Мазкур лойиҳалар таълим, ичимлик суви таъминоти, транспорт ҳамда молиявий-техник ёрдам каби ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим йўналишларини қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Pinkod ОТБ томонидан Ўзбекистон иқтисодиётининг 2025 йилда 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинаётгани ҳақида хабар берган эди.