11 993.530 so‘m

increase

40.800

14 054.020 so‘m

increase

32.270

158.520 so‘m

decrease

-0.960

11 993.530 so‘m

increase

40.800

17 соат аввал
Солиқ
72

Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ тузилмалар 2025 йилда қарийб 1,9 трлн сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган

Бахтиёр Фозиловга алоқадор Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ доимий муассасалар 2025 йилда қарийб 1,9 трлн сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган. Бу доимий муассасалар бўйича эълон қилинган жами имтиёзларнинг 82,5 фоизига тенг. Аввалроқ ушбу компаниялар гуруҳи ходимлар, бюджет ва банклар олдидаги қарзлари сабаб активларини сотиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ тузилмалар 2025 йилда қарийб 1,9 трлн сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган
Фото: AI/Pinkod.uz

Аввалроқ Pinkod 2025 йилда қайси компаниялар энг кўп солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдалангани ҳақида ёзган эди.

Божхона имтиёзлари рўйхатида Бахтиёр Фозиловга алоқадор Enter Engineering ва Eriell компаниялари билан боғлиқ тузилмалар ҳам алоҳида кўзга ташланади. Хусусан, “Enter Engineering Pte. Ltd”нинг доимий муассасаси 2025 йилда 1,1 трлн сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган ва умумий рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.

Шунингдек, “Enter Engineering Ptd. Ltd” билан боғлиқ “New Logistic” доимий муассасаси ҳам 321,1 млрд сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган. Умумий божхона имтиёзлари топ-рўйхатида Enter Engineering билан боғлиқ ушбу икки субъект ҳиссасига камида 1,42 трлн сўм тўғри келади. Бу топ-13 божхона имтиёзлари умумий ҳажмининг қарийб 15 фоизи демакдир.

Доимий муассасалар бўйича алоҳида рўйхатда эса Enter Engineering билан боғлиқ бошқа лойиҳалар ҳам қайд этилган. Жумладан, Пайариқ туманидаги лойиҳа — 266,5 млрд сўм, Самарқандкимё лойиҳаси — 163,7 млрд сўм, Бухоро вилоятидаги MTO лойиҳаси — 30,2 млрд сўмлик божхона имтиёзидан фойдаланган.

Рўйхатда Eriell билан боғлиқ тузилма ҳам бор: “Eriell Oilfield Services Middle East DMCC” доимий муассасаси 15,9 млрд сўмлик имтиёз олган.

Шу тариқа, доимий муассасалар бўйича эълон қилинган рўйхатда Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ тузилмалар ҳиссасига жами қарийб 1,9 трлн сўм божхона имтиёзи тўғри келади. Бу доимий муассасалар рўйхатидаги жами 2,3 трлн сўмлик имтиёзларнинг тахминан 82,5 фоизи демакдир.

Агар солиқ ва божхона имтиёзлари бўйича асосий топ-рўйхатлар умумий ҳажми — қарийб 24,26 трлн сўм билан солиштирилса, Enter Engineering ва Eriell билан боғлиқ доимий муассасалар ҳиссаси камида 7,8 фоиз атрофида бўлади.

Enter Engineering ва Eriell номи охирги вақтларда фақат имтиёзлар билан эмас, балки молиявий муаммолар билан ҳам тилга олинмоқда. Eriell 2004 йилда Бахтиёр Фозилов томонидан ташкил этилган, Enter Engineering эса 2012 йилда тузилган.

2026 йил бошида ҳукумат Enter Engineering, Eriell ва Saneg компаниялари гуруҳининг номутахассислик активларини сотиш орқали қарзларни ёпиш бўйича чоралар кўриши маълум бўлди. Гап ходимлар, бюджет ва банклар олдидаги қарзларни қоплаш ҳақида бормоқда. Компаниялар гуруҳининг фақат иш ҳақи бўйича қарздорлиги 38,7 минг ходим олдида 131 млн долларга етгани қайд этилган.

Сотувга чиқарилиши мумкин бўлган активлар қаторида Enter Engineering’нинг Тошкентдаги офислари, Eriell Group’нинг Тошкентдаги бинолари, Tashkent International Medical Center биноси, Silk Road Samarkand мажмуасидаги саккизта меҳмонхона, Самарқанд халқаро аэропорти, Фарғона вилоятидаги Олтиариқ нефтьни қайта ишлаш заводи ва Ангрен сақлаш терминали кўрсатилган.

Қарорга мувофиқ, компаниялар гуруҳининг аффилланган шахслари учун солиқлар ва божхона тўловлари бўйича кечиктириш муддати 2027 йил 1 январгача узайтирилади. Бироқ бу имтиёз ходимлар олдидаги қарздорлик тўлиқ қоплангандан кейингина амал қилади.

Pinkod.uz сайтида эълон қилинган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 15.10.2024 санасида №440126 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.

© 2026 Pinkod.uz.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.

18+